«МЮ» ва «Реал» Бундеслиганинг «янги Родри»сига қизиқиш билдирмоқда
«Манчестер Юнайтед» скаутлари «Штутгарт» клубининг 20 ёшли яримҳимоячиси Чема Андреснинг ўйинидан ижобий таассурот олишди. Бироқ, «қизил иблислар»нинг ушбу трансферни амалга оширишига Мадриднинг «Реал» клуби тўсқинлик қилиши мумкин. Бу ҳақда TEAMtalk нашри хабар бермоқда.
Манбанинг таъкидлашича, «қироллик клуби» ўз академияси битирувчисини қайта сотиб олиш ҳуқуқини 11,4 миллион евро миқдорида белгилаб қўйган. Мадридликлар келаётган ёзда ушбу банддан фойдаланган ҳолда футболчини орқага қайтариш вариантини кўриб чиқмоқдалар.
Мутасаддиларнинг фикрига кўра, яримҳимоячи ўзининг ўйин услуби ва сифатлари билан «Манчестер Сити» аъзоси Родри ҳамда «Барселона» собиқ футболчиси Серхио Бускетсни эслатиб юборади.
Жорий мавсумда Андрес барча турнирларда 29 та учрашувда майдонга тушиб, 2 та гол урди ва 2 та самарали узатмани амалга оширди. Футболчининг клуб билан амалдаги шартномаси 2030 йилнинг ёзига қадар мўлжалланган. Transfermarkt портали маълумотларига кўра, унинг айни дамдаги бозор қиймати 15 миллион еврони ташкил этади.