«МЮ» ва Бразилия конфедерацияси ўртасида Куня борасида ҳеч қандай келишув мавжуд эмас
Бразилия футбол конфедерацияси (CBF) ҳамда «Манчестер Юнайтед» клуби ўртасида ҳужумчи Матеус Куняга мавсумнинг қолган қисмида қўшимча дам бериш борасида ҳеч қандай келишув тузилмаган. Бу ҳақда Manchester Evening News нашри хабар бермоқда.
Ушбу хабар футболчининг ўзига ҳам ҳайрат уйғотди — Куня ижтимоий тармоқларда тарқалган маълумотга кулиб турган эмодзи орқали муносабат билдирди.
Мавсумнинг қолган ўйинларида манкунианликлар 9 май куни сафарда «Сандерленд»га қарши майдонга тушишади, 17 майда «Ноттингем Форест»ни қабул қилишади ва 24 май куни «Брайтон» меҳмони бўлишади.
Жорий мавсумда Матеус Куня клуб сафида 33 та учрашувда майдонга тушиб, 9 та гол урди ва 4 та самарали узатмани амалга оширди.
Эслатиб ўтамиз, 2026 йилги Жаҳон чемпионатида Бразилия терма жамоаси «C» гуруҳида Марокаш, Гаити ва Шотландия миллий жамоалари билан куч синашади.