«МЮ» Решфорднинг «Барселона»га ўтишига қарши эмас — The Athletic
«Манчестер Юнайтед» клуби ҳужумчи Маркус Решфордни сотиб олиш ҳуқуқи бўйича белгиланган нархни «Барселона» учун пасайтирмайдиган бўлди. Бу ҳақда The Athletic нашри журналисти Энди Миттен хабар берди.
Манбага кўра, «қизил иблислар» ўз футболчиси учун сўраётган 30 миллион евро миқдоридаги маблағни камайтириш ниятида эмас. Манчестерликлар Маркуcнинг жорий мавсумдаги барқарор ва юқори савиядаги ўйинлари сабабли ёзда унга бошқа клублар ҳам қизиқиш билдиришига ишончлари комил. Шу боисдан ҳам клуб нархни туширишдан манфаатдор эмас.
Шунингдек, «Манчестер Юнайтед» бош мураббийи Майкл Керрикнинг Решфорд билан ишлашга қизиқиши борлиги ҳақидаги миш-мишлар ҳозирча тасдиғини топмаган.
Эслатиб ўтамиз, Маркус Решфорд 2025 йилнинг июл ойидан буён «Барселона» сафида ижара асосида тўп тепмоқда. У каталонияликлар таркибида жорий мавсум барча мусобақаларда 37 та ўйин ўтказиб, 10 та гол урган ва 13 та голли узатмани амалга оширган. Айни дамда «Барселона» Ла Лига турнир жадвалида пешқадамлик қилмоқда.