«МЮ» Ҳойлундни қишки трансферлар вақтида «Наполи»га сотишни режалаштирмоқда
Даниялик ҳужумчи ҳозирда неаполликлар сафида ижарада тўп суриб турибди.
ФОТО: Getty Images
«Манчестер Юнайтед» даниялик ҳужумчи Расмус Ҳойлундни қишки трансферлар вақтида «Наполи»га сотмоқчи. Бу ҳақда Mirror нашри хабар бермоқда.
Манбага кўра, инглиз клуби футболчини 43 миллион евро эвазига қўйиб юборишни режалаштирмоқда. «Наполи» билан тузилган келишувда 44 миллион еврога тўлиқ сотиб олиш шарти билан ижарага олиш варианти ҳам мавжуд.
Шунга қарамай, манкуниянликлар битимни имкони борича тезроқ якунлаш тарафдори. Музокаралар яқин ҳафталарда бошланиши кутилмоқда.
Маълумот учун, Ҳойлунд жорий мавсум барча турнирларда 12 та учрашувда майдонга тушиб, 8 та гол урди ва 1 та голли узатмани амалга оширди. Унинг Transfermarkt’даги нархи 45 миллион евро деб баҳоланмоқда.
Насрулло Каримов
Журналист