«МЮ» «Монако»нинг икки нафар футболчисига қизиқиш билдирмоқда
«Манчестер Юнайтед» ва «Ньюкасл» вакиллари Лига 1нинг 27-тури доирасидаги «Лион» — «Монако» (1:2) учрашувига ташриф буюришди. Мазкур баҳсда ҳар икки клуб скаутлари монаколиклар яримҳимоячиси, 22 ёшли Ламин Камара ҳамда 24 ёшли вингер Магнес Аклиушнинг ҳаракатларини диққат билан кузатиб боришди. Бу ҳақда TEAMtalk нашри хабар бермоқда.
Манбанинг маълум қилишича, «Манчестер Юнайтед» ва «Ньюкасл» биринчи навбатда айнан Камара учун жиддий рақобатга киришиши кутилмоқда. Бироқ сенегаллик футболчининг ривожланишини Англия чемпионатининг яна бир қатор жамоалари ҳам диққат билан кузатиб бораётгани таъкидланмоқда.
Жорий мавсумда Ламин Камара барча турнирлар доирасида 25 та ўйинда майдонга тушиб, 4 та голли узатмани амалга оширди. Аклиуш эса 36 та баҳсда иштирок этиб, 7 та гол ва 8 та ассистни ўз ҳисобига ёздириб қўйди.