«МЮ» Лисандро Мартинеснинг жароҳатидан хавотир олмаяпти
«Манчестер Юнайтед» раҳбарияти ҳимоячи Лисандро Мартинес 2026 йилги жаҳон чемпионати финалида олган жароҳати жиддий эмаслигига ишонмоқда. Бу ҳақда The National нашри хабар тарқатди.
Манбага кўра, клуб тиббий штаби аргентиналик футболчининг шикастланиши оғир эмаслигини баҳолаган ва у янги мавсум бошланишига қадар тўлиқ тикланиши кутилмоқда.
28 ёшли марказий ҳимоячи Испанияга қарши жаҳон чемпионати финалида жароҳат олган ва 44-дақиқада майдонни тарк этишга мажбур бўлган эди.
Шунга қарамай, «Манчестер Юнайтед»да унинг тикланиш жараёни режа асосида кетаётганига ишонч билдирилмоқда.
Мартинес ўтган мавсум барча мусобақаларда 19 та учрашувда иштирок этди, аммо гол ёки голли узатма билан ажралиб тура олмади.
Унинг «Манчестер Юнайтед» билан амалдаги шартномаси 2027 йил ёзига қадар амал қилади. Transfermarkt маълумотига кўра, аргентиналик ҳимоячининг бозор қиймати 45 миллион еврони ташкил этади.