«МЮ» Каземиро ўрнига Чуамени номзодини кўриб чиқмоқда
Мадриднинг «Реал» клуби таянч яримҳимоячиси Орельен Чуамени «Манчестер Юнайтед»нинг трансфер рўйхатида юқори ўринлардан бирини эгаллаб турибди. «Қизил иблислар» 26 ёшли футболчини мавсум якунлангач жамоани тарк этадиган Каземирога муносиб ўринбосар сифатида кўрмоқда. Бу ҳақда The Telegraph нашри хабар бермоқда.
Манба берган маълумотларга кўра, манкунияликлар келаётган ёзда янги юқори савияли таянч ярим ҳимоячисини сотиб олишни режалаштирмоқда. Таъкидланишича, Чуаменининг «Реал»даги келажаги клубнинг янги ярим ҳимоячи билан шартнома имзолаши, шунингдек, бошқа трансферларни молиялаштириш учун кимнидир сотиш зарурати туғилишига боғлиқ бўлиши мумкин.
Жорий мавсумда француз футболчиси барча турнирлар доирасида 44 та учрашувда майдонга тушиб, 2 та гол ва 2 та голли узатмани ўз ҳисобига ёздириб қўйди. Футболчининг клуб билан амалдаги шартномаси 2028 йилнинг ёзига қадар мўлжалланган. Transfermarkt портали маълумотларига кўра, ўйинчининг бозор қиймати 75 миллион еврони ташкил этади.