«МЮ» қишда Маласияни сотишни режалаштирмоқда
«Манчестер Юнайтед» ҳимоячи Тийрелл Маласияни жорий қишки трансферлар ойнасида қўйиб юбориш имкониятини фаол кўриб чиқмоқда. Бу ҳақда инсайдер Руди Галетти X ижтимоий тармоғидаги саҳифасида хабар берди.
Нидерландиялик футболчининг клуб билан амалдаги шартномаси ёзда якунланади. Демак, агар «МЮ» қишки трансфер даври тугагунига қадар Маласияни сотишга улгурмаса, у мавсум охирида ҳеч қандай товон пули эвазига эркин агент сифатида жамоани тарк этиши мумкин.
Манбаларга кўра, ҳимоячига Европанинг турли чемпионатларидан бир нечта клублар, шунингдек Саудия Арабистонидан ҳам қизиқиш мавжуд.
Эслатиб ўтамиз, Маласия «Манчестер Юнайтед»га 2022 йил ёзида қўшилган. У «қизил иблислар» сафида ўтган давр мобайнида барча турнирлар доирасида 47 та ўйин ўтказган, бироқ гол ёки ассист қайд этмаган. Transfermarkt маълумотларига кўра, футболчининг бозор қиймати 8 миллион евроға баҳоланмоқда.