«МЮ» Эдерсон трансферида воз кечиб, Гомесга эътибор қаратди
«Манчестер Юнайтед» «Аталанта» ярим ҳимоячиси Эдерсон трансфери амалга ошмаганидан сўнг марказий ярим ҳимоя позицияси учун янги номзодни белгилади. Бу ҳақда Globo нашри хабар берди.
Манбага кўра, «қизил иблислар» «Вулверхэмптон» ва Бразилия терма жамоаси ярим ҳимоячиси Жоау Гомесга қизиқиш билдирмоқда.
Аввалроқ Эдерсоннинг «Манчестер Юнайтед»га ўтиши тиббий кўрикдан муваффақиятли ўта олмагани сабаб бекор бўлгани ҳақида хабарлар тарқалган эди. Шунингдек, Жоау Гомеснинг «Атлетико» Мадридга трансфери ҳам испан клуби ташаббуси билан амалга ошмай қолган.
Маълумотларга кўра, «Манчестер Юнайтед» футболчининг трансфер қийматини билиш мақсадида «Вулверхэмптон» раҳбарияти билан алоқа ўрнатган. Аввалроқ «Атлетико» ва инглиз клуби ўртасида Гомес учун 45 миллион евро миқдоридаги трансфер суммаси бўйича келишувга эришилган эди.
Қайд этилишича, 25 ёшли ярим ҳимоячига «Ливерпуль» ҳам жиддий қизиқиш билдирмоқда.