«МЮ» Алекс Балдега қизиқиш билдирмоқда
Бироқ 22 ёшли футболчининг ўзи «Барселона»да қолишни афзал кўрмоқда.
ФОТО: Getty Images
«Манчестер Юнайтед»нинг трансферлар бўйича масъули Кристофер Вивелл «Барселона» қанот ҳимоячиси Алекс Балде номзодини клуб раҳбариятига таклиф қилди. Бу ҳақда журналист Бен Жейкобс хабар бермоқда.
Манбанинг таъкидлашича, 22 ёшли футболчининг ўзи фаолиятини Каталония клубида давом эттириш ниятида. Ҳозирги босқичда «қизил иблислар» на «Барселона», на Балденинг вакиллари билан расмий музокаралар олиб боргани йўқ.
Испаниялик ҳимоячи жорий мавсумда барча турнирлар доирасида 32 та учрашувда майдонга тушиб, 3 та самарали узатмани амалга оширди.
Балденинг «кўк-анорранглилар» билан амалдаги шартномаси 2028 йилнинг ёзига қадар мўлжалланган. Transfermarkt портали иқтидорли ҳимоячининг бозор қийматини 60 миллион евросга баҳоламоқда.
Насрулло Каримов
Журналист