Моуринью «Реал»да аввало ишлаш маданиятини ўзгартиришни режалаштирмоқда
Мадриднинг «Реал» клуби бош мураббийи Жозе Моуринью энг аввало жамоадаги ишлаш маданиятини ўзгартиришни мақсад қилган. Бу ҳақда Marca нашри хабар бермоқда.
Манбага кўра, португалиялик мутахассис клуб фақат барча ходимлар ва футболчилар ҳар куни бир хил даражадаги фидойилик ва рақобатбардошликни намоён этган тақдирдагина муваффақиятга эриша олади, деб ҳисоблайди.
Қайд этилишича, Моуринью аллақачон «Реал» футболчиларининг индивидуал ҳисоботларини ўрганиб чиққан. Шунингдек, у академиядан шахсан ўзи кузатиб бормоқчи бўлган ёш футболчиларни ҳам танлаб олган.
Мураббий фикрича, ёшлар учун мавсумолди йиғини шунчаки ўзини кўрсатиш имконияти эмас, балки энг юқори даражада рақобатлаша олиш қобилиятини намоён этадиган ҳақиқий синов бўлади.
Эслатиб ўтамиз, Жозе Моуринью «Реал» бош мураббийи лавозимига жорий ёзги трансферлар ойнаси давомида тайинланган эди.