Моуринью “Реал”да қайси тактик схемадан фойдаланишини танлади
“Реал Мадрид” бош мураббийи Жозе Моуринью янги мавсумда жамоанинг асосий тактик схемасини белгилаб олди. Diario AS маълумотига кўра, португалиялик мутахассис 4-2-3-1 тизимига асосий урғу беришни режалаштирмоқда.
Мазкур схема Моуриньюга ҳужум чизиғидаги асосий футболчилар — Винисиус Жуниор, Килиан Мбаппе, Ян Диоманде ва Жуд Беллингемни бир вақтнинг ўзида майдонга тушириш имконини беради. Мураббий мавсумолди учрашувларида ушбу футболчиларнинг ўзаро ҳаракатини бир неча бор синаб кўрган.
Шунингдек, Моуринью Бернарду Силванинг имкониятларидан турли позицияларда фойдаланишни режалаштирмоқда. Португалиялик ярим ҳимоячи учрашув давомида марказий ярим ҳимоячи ва “ўнлик” позициялари ўртасида алмашиб ҳаракат қилиши мумкин.
Маълумот учун, “Реал Мадрид” мавсумолди сўнгги учрашувида “Шалке 04”ни 3:0 ҳисобида мағлуб этди. Мадридликлар янги Ла Лига мавсумидаги илк расмий баҳсини 22-август куни сафарда “Эспаньол”га қарши ўтказади