locale ЎЗ
OZ - o'zbekcha ЎЗ - ўзбекча

Мориясу: “Бразилияга ҳурмат бор, аммо биз чекинмаймиз”

Япония терма жамоаси бош мураббийи 1/16 финалида Бразилияга қарши кечадиган учрашув олдидан ўз фикрларини билдирди.
Футбол
Насрулло Каримов
Насрулло Каримов
Журналист
Фото: Getty Images

Япония терма жамоаси бош мураббийи Ҳадзиме Мориясу ЖЧ-2026 1/16 финалида Бразилияга қарши кечадиган учрашув олдидан ўз фикрларини билдирди.

Мураббийнинг айтишича, Япония гуруҳ босқичидаги учта оғир учрашувдан сўнг плей-оффга йўл олди ва энди турнирнинг мутлақо янги босқичи бошланмоқда. Мориясу бу босқичда ҳар бир хато жуда қимматга тушишини яхши тушунишини таъкидлади.

У Бразилияни алоҳида эътироф этди. Мориясунинг фикрича, рақиб — беш карра жаҳон чемпиони, катта тарихга эга ва дунё футболидаги энг кучли жамоалардан бири. Шунга қарамай, Япония бу ўйинда шунчаки ҳимояланиш ёки имконият кутмасдан, балки ғалаба учун майдонга чиқади.

Япония мураббийи ўтган йили Бразилия билан ўтказилган ўртоқлик учрашувида жамоаси ғалаба қозонганини ҳам эслатди. Аммо у бу сафарги баҳс анча мураккаб бўлишини тан олди. Чунки мундиал плей-оффи — бутунлай бошқа босим ва масъулиятни талаб қиладиган майдон.

Мориясу жамоа ўз ўйин тамойилларидан воз кечмаслигини билдирди. Унинг айтишича, айнан шу футбол фалсафаси Японияга ишонч беради ва келажак авлодларга ҳам мерос бўлиб қолиши керак.

Бош мураббий Бразилия ФИФА рейтингида юқорида эканини, Япония эса пастроқ поғонада жойлашганини тан олди. Аммо у бундай фарқ жамоанинг орзуси ва ишончини камайтирмаслигини айтди.

“Кўпчилик бизни аутсайдер деб ҳисоблайди. Лекин биз ўз кучимизга ишонамиз. Биз бу Жаҳон чемпионатида ғолиб бўла олишимизни аниқ биламиз”, — дея таъкидлади Мориясу.

Шунингдек, мураббий узоқ парвозлар ва қисқа тикланиш вақти футболчиларнинг жисмоний ҳолатига таъсир қилишини айтди. Бразилияда тўрт кун, Японияда эса уч кун дам олиш имкони бўлган. Шунга қарамай, Мориясу футболчилар ўйинга тўлиқ тайёр эканини билдирди.

Япония учун Бразилияга қарши баҳс нафақат плей-оффдаги навбатдаги ўйин, балки жамоанинг қанчалик ўсганини кўрсатиб берадиган катта синов бўлади.

Спорт — бир босишда!
Жамиятларимизга обуна бўлинг ва спорт воқеаларидан хабардор бўлинг!
Изоҳлар
Изоҳ қолдириш учун рўйхатдан ўтинг