«Монако» «ПСЖ»га қарши ўйин олдидан жиддий йўқотишга учради
«Монако» ҳужумчиси Магнес Аклиуш жароҳати сабабли 17 феврал куни бўлиб ўтадиган Чемпионлар Лигаси плей-офф босқичининг «Пари Сен-Жермен»га қарши дастлабки учрашувини ўтказиб юбориши мумкин. Бу ҳақда Get French Football News хабар бермоқда.
Футболчи «Нант»га қарши баҳсни (3:1) охиригача етказа олмади ва ўйиннинг 43-дақиқасида заҳирага олинди.
«Магнес шунчаки алмаштиришни сўрайдиган ўйинчилар сирасига кирмайди, унинг характери шундай», — деди «Монако» бош мураббийи Себастьен Поконйоли.
Муттахассис, шунингдек, Аклиушнинг жароҳати мушаклар билан боғлиқлигини ва футболчи бир қатор тиббий кўриклардан ўтишини таъкидлади. Ламин Камара ҳам «Нант» билан ўйин давомида жароҳат гумони билан алмаштирилган эди, бироқ унинг майдонни тарк этиши кўпроқ профилактик характерга эга бўлди.