“Монако” Пол Погба билан шартномани бекор қилди
“Монако” клуби Франция терма жамоаси собиқ ярим ҳимоячиси Пол Погба билан хайрлашганини расман эълон қилди. Томонлар ўртасидаги шартнома ўзаро келишув асосида бекор қилинди. Погбанинг амалдаги келишуви 2027-йил 30-июнгача мўлжалланган эди.
Клуб баёнотида 2018-йилги жаҳон чемпионига “Монако”га билдираётган ишончи ва жамоада бўлган вақтида кўрсатган профессионаллиги учун миннатдорлик билдирилди. Погба ҳам ўз навбатида клубга имконият ва ишонч учун ташаккур айтиб, жамоага келгусида муваффақият тилади.
33 ёшли футболчи “Монако” сафида мунтазам ўйин амалиётига эга бўла олмади. У клубдаги бир йил мобайнида бор-йўғи олти учрашувда майдонга тушди.
Маълумот учун, Погба 2024-йил февралида антидопинг қоидаларини бузгани учун дастлаб тўрт йилга дисквалификация қилинган эди. Кейинчалик бу муддат 18 ойга қисқартирилди.