«Монако» бош мураббийи Погбанинг тикланиш жараёни ҳақида фикр билдирди
«Монако» бош мураббийи Себастьен Поконоли жамоа ярим ҳимоячиси Пол Погбанинг тикланиш жараёни ҳақида фикр билдирди.
«Унинг тезроқ қайтишига умид қиламан, лекин охирги марта шундай деганимда... Шунинг учун бу сафар шошилмаяпман. Ҳаммаси ўз вақтида бўлади», — дея Поконолининг сўзларини келтиради L'Équipe.
32 ёшли футболчи 30 октябрь куни машғулот пайтида тўқнашув натижасида товонидан жароҳат олган эди. Бунга қадар эса у ўнг сон мушагидаги чўзилишдан тикланаётган бўлган. Погба ҳали «Монако» сафида бирорта ҳам ўйин ўтказгани йўқ.
Сўнгги бор у майдонга икки йил аввал — 2023 йил сентябрь ойида — «Ювентус» таркибида «Эмполи»га қарши баҳсда 28 дақиқа ўйнаганди.
«Монако» 22 ноябрь, шанба куни Франция чемпионатининг 13-турида «Ренн»га қарши баҳс олиб боради.