«Монако» Ансу Фати билан шартнома шартларини келишиб олди
«Монако» клуби «Барселона»дан ижарага олинган вингер Ансу Фатининг трансфер ҳуқуқини тўлиқ сотиб олишга жуда яқин турибди. Бу ҳақда Nice-Matin нашри хабар бермоқда.
Аввалроқ футболчини сотиб олиш баҳоси 11 миллион евро этиб белгилангани, бироқ унинг маоши трансферга асосий тўсиқ бўлаётгани айтилган эди. Фати якунланган мавсумда ойига 500 минг евро маош олган бўлиб, унинг 50 фоизини Каталония клуби тўлаб келган. Монаколиклар эса бундай маошни мустақил равишда тўлашга тайёр эмасдилар. Янги маълумотларга кўра, томонлар ниҳоят ҳамкорлик шартлари бўйича ўзаро келишувга эришган.
Эслатиб ўтамиз, Ансу Фати ўтган ёзда бир йиллик ижара асосида «Монако» сафига келиб қўшилган эди. Ортда қолган мавсумда у жамоа сафида 30 та ўйинда майдонга тушиб, 12 та гол уришга муваффақ бўлди.