Мўминжон Мелиев — Йўқ бўлиб қолишининг сабаби, жамоадаги ички муҳит, Суперлига йўлланмаси учун курашдаги рақиблар ҳақида
Мўминжон Мелиев — "Йўқ" бўлиб қолишининг сабаби, жамоадаги ички муҳит, Суперлига йўлланмаси учун курашдаги рақиблар ҳақида
Хабар берганимиздек, Металлург навбатдаги тур учрашувига, "Пахтакор" ФЖга қарши баҳсга тайёргарликни бошлаб юборди.
Бекабодликларнинг тажрибали ҳужумчиларидан бири Мўминжон Мелиев жароҳат сабаб охирги турларни ўтказиб юборди ва 4-турда сафга қайтди.
Ҳужумчи БухДУ билан баҳсда нафақат қайдномага киритилди, балки майдонда бир неча дақиқа ҳаракат қилиб, жамоамизнинг ғалабасига ҳам ҳисса қўшди.
Клуб матбуот хизмати футболчининг фикрлари билан қизиқди:
"Дастлабки турдан кейин "йўқ" бўлиб қолишингиз сабаби ва тикланиш жараёни ҳақида айтиб берсангиз
Ассалому алайкум. Дастлабки турда Қўқонда бўлиб ўтган, "Яйпан"га қарши баҳсда майдонга тушдим. Учрашувдан кейин машғулотда жароҳат олдим ва шифокорларимизнинг кўрсатмасига биноан жамоага ёрдам бера олмадим ҳамда тикланиш жараёнини ўтказдим. Бошқа ҳеч қандай муаммо йўқ.
Асліда барчаси кутилмаганда бўлди. Кичик жароҳат олдим, шукрки барчаси енгил ўтди. Ўз навбатида, имкони борича тез сафга қайтишимда астойдил меҳнат қилган жамоам шифокори ва массажчиларига алоҳида раҳмат айтмоқчиман.
Жамоадаги ички муҳит ҳақида...
Жамоамизда ички муҳит аъло даражада. Барчамиз бир-биримиз билан ака-ука ва бир оиладекмиз, кўз тегмасин. Керак вақтларда тажрибалироқ футболчилар ёшларга маслаҳат бермоқда, ёшлар ҳам ўз навбатида ўзлари учун қимматли фикрларни тўғри қабул қилиб, акаларни ҳурмат қиляпти.
Жамоа олдига Суперлигага чиқиш вазифаси қўйилган. 4-турдан кейин жамоа қўшимча кўрсаткичлар эвазига етакчи бўлиб олди, аммо ҳали мавсум стартда турибмиз ва олдинда ўйинлар кўп. Бу борада сиз қандай фикрдисиз?
Мақсадимиз "Металлург"ни Суперлигага қайтариш. Биз бу йўлда айнан шу мақсадни кўзлаб давом этяпмиз. Барча жамоаларни ҳурмат қиламиз, аммо чемпионлик учун курашда аниқ бир рақибни ажратиб кўрсатмаган бўлардим. Исталган рақибга қарши баҳсда майдонга фақат ғалаба учун тушамиз", - деди футболчи.