MLS клуби Неймар билан музокаралар олиб бормоқда — манба
Бразилиялик футболчининг «Сантос» билан тузган амалдаги шартномаси 2026 йилнинг охирида якунга етади.
ФОТО: Getty Images
AҚШнинг «Синсиннати» клуби «Сантос» ҳужумчиси Неймарнинг вакиллари билан музокаралар олиб бормоқда. Бу ҳақда The Athletic нашри хабар берди.
Манбанинг таъкидлашича, ҳозирги вақтда томонлар ўртасидаги алоқалар бошланғич босқичда, бироқ MLS клуби 34 ёшли футболчини яқинлашиб келаётган трансфер ойнасида ўз сафига қўшиб олишга жиддий тайёргарлик кўрмоқда.
Неймар «Сантос» академияси тарбияланувчиси ҳисобланади. У 2025 йилнинг январ ойида ўзининг қадрдон жамоаси — Бразилия клубига қайтган эди.
Футболчининг клуб билан амалдаги шартномаси 2026 йилнинг охирига қадар имзоланган. Transfermarkt порталида берилган маълумотларга кўра, бразилиялик юлдузнинг айни дамдаги бозор қиймати 10 миллион еврога тенг.
Насрулло Каримов
Журналист