Миср миллий жамоаси Африка Миллатлар Кубоги рекордини ўрнатди
Миср терма жамоаси Африка Миллатлар Кубоги доирасида Зимбабвега қарши ўйинда дарвозага 35 марта зарба йўллади ва саккизта аниқ голли вазият яратди.
Ушбу икки кўрсаткич ҳам 2010 йилдан буён Opta компанияси турнир статистикасини юрита бошлаганидан бери Африка Миллатлар Кубогининг битта учрашувидаги рекорд натижа бўлди. Бу ҳақда OptaJean X ижтимоий тармоғида хабар берилди.
Африка Миллатлар Кубоги — 2025 мусобақасининг гуруҳ босқичи 1-тури доирасидаги баҳсда Миср терма жамоаси Зимбабве устидан 2:1 ҳисобида ғалаба қозонди. Ғалаба голини мисрликлар сафида ҳужумчи Муҳаммад Салоҳ 90+1-дақиқада урди.
Б гуруҳи таркибидаги бошқа икки жамоа Жанубий Африка Республикаси ва Ангола терма жамоалари ҳисобланади. Ушбу квартетдаги 2 ва 3-тур учрашувлари 26 ва 29 декабрь кунлари бўлиб ўтади.