locale ЎЗ
OZ - o'zbekcha ЎЗ - ўзбекча

Мирзаҳаким Тўхтамирзаев: \"Ўзбекистон ЖЧга чиқса Сречко Катанец ҳам рағбатлантирилса адолатдан бўларди\"

Футбол
Фарҳод Файзиев
Фарҳод Файзиев
Эксперт
Мирзаҳаким Тўхтамирзаев: "Ўзбекистон ЖЧга чиқса Сречко Катанец ҳам рағбатлантирилса адолатдан бўларди"
ФОТО: Instagram

Ўзбекистон миллий терма жамоаси ўз тарихидаги энг муҳим ўйинда бугун БАА меҳмони бўлади. Ғалаба ва хатто дуранг ҳам терма жамоамизни Жаҳон чемпионатига олиб чиқади. Sports24.uz сайти мазкур баҳс олдидан тажрибали спорт шарҳловчиси Мирзаҳаким Тўхтамирзаев билан суҳбатлашди.

- Бугунги БААга қарши ўйиндан нималар кутяпсиз?

- Барча каби Ўзбекистон Жаҳон чемпионати финал босқичига чиқишини кутяпман. Терма жамоамиз ишончли ўйин намойиш этишларига умид бор ва йигитларимизга омад ёр бўлишини тилайман.

- Терма жамоамиз тарихидаги энг муҳим ва эсда қоларли ўйинлар қайсилар?

- Ўзбекистон терма жамоасининг кўплаб ўйинларини кўрганим учун бундай баҳслар менимча кўпроқ бўлган. 1994 йил Хиросимадаги ғалабалар, нафақат финал, балки Кореяга қарши ярим финал, мусобақадаги биринчи ўйинимиз Саудия Арабистонига қарши ўтган ва йирик ҳисобда ютганимиз.

1999 йил Осиё кубоги саралаш учрашувлари доирасида охирги турда БАА меҳмони бўлганимиз, Миржалол Қосимовнинг ажойиб узатмасидан кейин Максим Шацких гол урган ва Ўзбекистон Осиё кубогига чиққани.

2007 йил Осиё кубоги гуруҳ босқичида Хитойни 3:0 ҳисобида мағлуб этганимиз. 2011 йил Осиё кубоги очилиш ўйини, Одил Аҳмедовнинг супер голи ва 2:0 ҳисобидаги ғалаба.

2012 йил "Озоди" стадионидаги ягона ва тарихий ғалабамиз. Эсласак яхши ўйинлар кўп бўлган, лекин ҳозиргача Жаҳон чемпионати финал босқичига чиқа олмаганмиз. Худо хоҳласа, бугун байрам бўлсин!

- Жаҳон чемпионатига чиқсак собиқ мураббий Сречко Катанецга қандайдир эҳтиром кўрсатиш керакми?

- Сречко Катанец ўз вазифасини бажарди. Баъзи жойларда балки соғлиги туфайли бажара олмагандир ҳам. Биринчи навбатда соғ бўлсин, умри узоқ бўлсин! Терма жамоа Жаҳон чемпионатига чиқса барча рағбатлантирилади ва улар қатори Катанец ҳам рағбатлантирилса менимча адолатдан бўлади.

- Бугун БАА терма жамоасининг энг хавфли жиҳати қайси?

- Йўқотадиган ҳеч нарсаси қолмагани! Чунки уларга бугун фақат ва фақат ғалаба керак. Дуранг ҳам уларни қаноатлантирмайди. Шунинг учун БАА гол уриши ва ўзи ўтказиб юбормаслиги шарт. Мана шу тушунча энг хавфли жиҳати. Мураббийнинг алмашгани фойдага ишлайди, чунки Олариу араб футболчиларини яхши билади. Маҳаллийлаштрилганлари ўзларига билдирилган ишонч бежизмаслигини исботлашга ҳаракат қилишади. Лекин буларнинг барчаси бир четга сурилиб қолиши керак. Сабаби бизникилар ўз савиясида ўйнай олса, руҳан ўзини йўқотиб қўймаса, босимга дош бера олса бугун бизнинг кўчамизда байрам бўлади. Шуни ҳаммага тилайман, омад сиз ва бизни асло тарк этмасин!

Спорт — бир босишда!
Жамиятларимизга обуна бўлинг ва спорт воқеаларидан хабардор бўлинг!
Изоҳлар
Изоҳ қолдириш учун рўйхатдан ўтинг