Мирко Йеличич: «Бундай пайтда футболчиларни доим ҳам алмаштира олмаймиз»
Про лиганинг 18-тури доирасида "Жайхун" – "Локомотив" (2:5) учрашувидан кейин "темирйўлчилар" бош мураббийи Мирко Йеличич матбуот анжуманида қатнашди.
"Ўйин осон ўтмаслигини олдиндан билардик. Жамоанинг кайфияти яхши эди. "Жайхун"нинг ўйинларини кўргандик, улар қандай ҳаракат қилишларини тахлил қилгандик. Про-лигадаги биринчи мавсум учун ўйинлар ёмон эмас. Машғулотларда йигитларга уларнинг ўйинларини яхши эканлигини, иқтидорли футболчиларини тушунтиргандим. "Жайхун" футбол ўйнашга ҳаракат қилмоқда, бу тахсинга сазовор.
- Бугун "Жайхун" футболчиларига нима бўлди деб ўйлайсиз?
- "Локомотив" таркибида тажрибали футболчилар кўп. "Жайхун"да босим йўқ, улар бемалол босимсиз футбол ўйнашлари мумкин. Бизда эса олдимизга қўйилган вазифа бор ва бу футболчиларни бироз босим остига қўймоқда. Умуман олганда "Жайхун" яхши жамоа, улар бугун ёмон ўйнагани йўқ.
- 4:0 ҳисобидан кейин "Локомотив" бўшашиб қолди.
- Про-лигада ўйинлар кўп эмас. Бундай пайтда футболчиларни доим ҳам алмаштира олмаймиз ва барқарорликни ушлаш ҳам қийинроқ. 4:0дан кейин кам ўйин амалиётига эга футболчиларни майдонга туширдик. Улар мавсум давомида кўп ҳам ўйнагани йўқ. Ва албатта, 4:0дан кейин фикрлаш ҳам ўзгаради ва одам бўшашади", — дея Йеличичнинг сўзларидан келтиради “Локомотив” матбуот хизмати.