Миллий терма жамоамиз пойтахтимизда навбатдаги халқаро ўқув-машғулот йиғинини олиб бормоқда
Тошкент шаҳридаги "Universal" спорт саройида таэквондо WT бўйича Ўзбекистон, Хитой ва Бразилия миллий терма жамоалари иштирокида халқаро ўқув-машғулот йиғини старт олди.
Машғулотларда Олимпия ўйинларининг ғолиб ва совриндорларидан тортиб, ёш таэквондочиларгача иштирок этиб, тажриба тўпламоқда. Йиғинда терма жамоамизнинг жами 35 нафар вакили қатнашяпти, Хитойдан 19 нафар, Бразилиядан 9 нафар таэквондо усталари ташриф буюришган.
Қайд этиш жоиз, ўқув-машғулот йиғинида Париж-2024 Олимпия ўйинларининг кумуш медали совриндори, ўзбекистонлик Светлана Осипова, Бразилия терма жамоаси вакили, Париждаги Олимпия ўйинларида бронза медалига эга бўлган Эдивал Маркес ҳамда Жаҳон чемпионати, қитъа мусобақаларининг ғолиб-совриндорлари иштирок этмоқда.
Халқаро йиғин 16-май санасига қадар давом этади. Бразилия термаси 11-май, Хитой жамоаси эса 13-майга қадар пойтахтимизда бўлади.