Миллий футбол марказида FIFA VAR семинари якунланди
Миллий футбол марказида FIFA VAR бўйича ташкил этилган ўқув семинари давомида ўзбекистонлик ҳакамлар VAR тизимининг замонавий талаблари, ундан самарали фойдаланиш механизмлари ҳамда ўйин эпизодларини тўғри таҳлил қилиш бўйича назарий ва амалиёий билимларини мустаҳкамлади.
Машғулотлар жараёнида инструкторлар томонидан турли ўйин вазиятлари видео мисоллар асосида батафсил кўриб чиқилиб, ҳакамларнинг қарор қабул қилиш жараёнидаги аниқлик ва тезкорликни оширишга қаратилган тавсиялар берилди. Шунингдек, VAR марказида ташкил этилган симуляцион машғулотлар орқали ҳакамлар реал ўйин шароитига яқин вазиятларда ишлаш, жамоавий мулоқот ва технологиядан тўғри фойдаланиш кўникмаларини амалиётда синаб кўрди.
FIFA инструктори Фарҳод Абдуллаев бошчилигида олиб борилган назарий дарслар, амалиёий таҳлиллар ҳамда жисмоний синовлар ҳакамлар малакасини ошириш, VAR бўйича ягона талқин ва ёндашувларни мустаҳкамлаш ҳамда профессионал тайёргарлик сифати янада юксалтирашга хизмат қилди.
Шунингдек, семинарда ўзбекистонлик ҳакамлар билан бир қаторда Саудия Арабистонидан ташриф буюрган бир гуруҳ ҳакамлар ҳам иштирок этиб, ўзаро тажриба алмашиш имконига эга бўлди.