Миллий футбол марказида FIFA VAR семинари давом этмоқда
Бугун FIFA VAR семинари доирасида ЎФА биринчи вице-президенти Равшан Ирматов ҳакамлар билан учрашди.
“Миллий футбол марказида наfaқат терма жамоаларимиз, балки ҳакамларимиз учун ҳам барча зарур шароитлар яратилган. Футболда футболчи ва мураббийлар қаторида ҳакамларнинг ўрни ҳам беназир. Ривожланишимизда айнан ҳакамлар сифати, уларнинг билими ва савияси муҳим омил ҳисобланади.
Ўзбекистон терма жамоаси жаҳон чемпионатига йўл олди, энди олдимизда турган вазифалардан бири — ҳакамларимиз сонини кўпайтириш, уларни нуфузли халқаро мусобақаларга тайёрлаб, жаҳон чемпионати даражасида ишлашга эришишдир.
FIFA ва OFK томонидан ташкил этиладиган ўқув машғулотлари сонини ошириш ва ўрганилган билимларни амалиётда қўллаш муҳим. Ҳакамлар имкони борича кам хатоликка йўл қўйиши, ўйинни бошқаришда ишончли ва тўғри қарорлар қабул қилиши керак. Бу эса доимий ўқиш, таҳлил ва ўз устида ишлаш орқали амалга ошади.
Шунингдек, футболда ўйин вақтини чўзиш ҳолатларининг олдини олиш, ўйин темпини сақлаб қолиш ва интенсивликни оширишда ҳам ҳакамларнинг роли катта. Ҳакамлар ҳар бир учрашувга масъулият билан ёндашиб, жисмоний ва руҳий тайёргарликни юқори даражада ушлаб туриши лозим. 2026 йилги мусобақаларда бугун ўрганилган билим ва тажрибалар амалда ўз аксини топиши керак.
Ўзбекистон футбол ассоциацияси томонидан коррупцияга қарши қатъий кураш олиб борилмоқда. Ҳакамлар ҳар қандай ноқонуний аралашувлардан йироқ бўлиб, профессионал, ҳалол ва ишончли фаолият юритиши шарт", — деди Равшан Ирматов.
Баҳолаш жараёнида ёш эмас, билим, салоҳият ва майдондаги ишлаш сифати асосий мезон бўлиши ва ҳакамлар футбол ўйинларини юқори савияда ўтказишга масъул эканлиги таъкидланди.