\"Милан\" ёш ҳимоячи билан шартнома имзолади
Россонерилар футболчини келажак учун муҳим лойиҳа сифатида кўрмоқда.
Фото: Getty Images
Италия гранди "Милан" Франциянинг "Труа" клубида тўп сурган 20 ёшли марказий ҳимоячи Санкун Диаварани ўз сафида қўшиб олди.
Маълумотларга кўра, трансфер қиймати тахминан 2–3 миллион еврони ташкил этган. Футболчи "Милан" билан шахсий шартнома борасида ҳам келишувга эришган ва тез орада жамоага расман қўшилади.
Диавара ўтган мавсум "Труа" сафида ўзини ижобий томондан намоён қилиб, Европанинг бир нечта клублари эътиборини тортганди. Унинг трансферига "Рейнджерс" ҳам жиддий қизиқиш билдирган, бироқ якунда футболчи фаолиятини "Милан"да давом эттиришни танлади.
Россонерилар ёш ҳимоячини келажак учун муҳим лойиҳа сифатида кўрмоқда ва у асосий жамоа ҳамда ривожлантириш тизими ўртасида босқичма-босқич тайёрланиши кутилмоқда.
Насрулло Каримов
Журналист