«Милан» Паредес учун таклиф юборди
Аргентиналик ярим ҳимоячи Леандро Паредесга “Милан” қизиқиш билдирмоқда. Италияликлар аргентиналик футболчини ўз сафига қўшиб олиш учун унинг клуби “Бока Хуниорс”га расмий таклиф ҳам юборган. Бу ҳақда ESPN журналисти Мартин Аревало хабар берди.
“Милан” ёзги трансфер ойнаси ёпилгунига қадар марказий ярим ҳимоя чизиғини кучайтиришни режалаштирмоқда. Бироқ трансфер амалга ошиши учун аввал Паредеснинг ўзи билан шахсий шартнома шартлари бўйича келишиб олиш талаб этилади.
Шунингдек, “россонери” таркибни қисқартириши керак. Манбага кўра, Паредеснинг трансфери фақат “Милан”нинг ҳозирги бир нечта ярим ҳимоячилари сотилганидан кейин амалга ошиши мумкин.
32 ёшли Паредес “Бока Хуниорс”га қайтганидан сўнг жамоа сафида 42 та учрашув ўтказди. Бу баҳсларда аргентиналик футболчи 4 та гол урди ва 9 та голли узатмани амалга оширди.