“Милан” ҳимоячисини текинга йўқотиши мумкин
Италиянинг “Милан” клуби марказий ҳимоячиси Фикайо Томори билан янги шартнома борасида келишувга эриша олмаяпти. 28 ёшли англиялик футболчи келаси ёзда жамоани эркин агент сифатида тарк этиши мумкин. Бу ҳақда инсайдер Николо Скира хабар бермоқда.
Манбага кўра, “Милан” раҳбарияти ва Томори ўртасидаги музокаралар боши берк кўчага кириб қолган. Ҳимоячининг амалдаги шартномаси 2027 йил ёзида якунланади. Ҳозирча томонлар келишувни узайтириш шартлари бўйича муросага эриша олмаган.
Агар вазият ўзгармаса, Томори келаси ёзда бошқа клубга текинга ўтиши мумкин. Бундай ҳолатда “Милан” футболчининг трансферидан ҳеч қандай даромад олмайди. Англиялик ҳимоячи 2021 йил ёзидан буён Италия клуби шарафини ҳимоя қилиб келмоқда.
Маълумот учун, Фикайо Томори ўтган мавсум Италия А Сериясида 33 та учрашувда майдонга тушиб, иккита голли узатмани амалга оширган. Шунингдек, у олтита сариқ ва битта қизил карточка олган. Transfermarkt портали футболчининг бозор қийматини 10 миллион еврога баҳоламоқда.