«Милан» Дисасининг трансфери бўйича «Челси» билан музокаралар олиб бормоқда
«Челси» марказий ҳимоячиси Аксел Дисаси қишки трансфер ойнаси ёпилиши арафасида жамоасини ўзгартиришга яқин турибди. Таниқли инсайдер Фабрицио Романонинг хабар беришича, француз футболчисига Италиянинг «Милан» клуби жиддий қизиқиш билдирмоқда.
Ҳозирда «Милан» раҳбарияти ҳам, Лондон клуби ҳам футболчининг вакиллари билан музокаралар олиб бормоқда. Келишув катта эҳтимол билан ижара асосида амалга ошиши кутилмоқда.
Эътиборлиси, Дисасига Англиянинг «Вест Хэм» клубидан ҳам таклиф борлигига қарамай, ҳимоячининг ўзи фаолиятини айнан «Милан»да давом эттиришни афзал кўрмоқда.
Аксел Дисаси 2023 йилнинг августидан буён «Челси» аъзоси ҳисобланади. Бироқ 27 ёшли футболчи учун жорий мавсум кўнгилдагидек кечмаяпти. У «аристократлар»нинг асосий таркибида бирорта ҳам ўйин ўтказмади ва фақатгина клубнинг 21 ёшгача бўлган жамоаси (U21) сафида 3 та баҳсда майдонга тушди, холос.