Милан дарвозабони Майк Менянга учта инглиз клуби даъво қилмоқда
Италиянинг «Милан» клубида тўп сураётган француз дарвозабони Майк Менян ажойиб ўйинларидан сўнг бир вақтнинг ўзида учта инглиз жамоасининг эътиборини тортди. CaughtOffside хабар беришича, Менянга «Астон Вилла», «Челси» ва «Манчестер Юнайтед» қизиқиш билдирмоқда.
Эҳтимолий трансфернинг баҳоси тахминан 40 миллион еврони ташкил этади. Менян 2021 йил ёзидан бери «Милан» сафида ҳаракат қилмоқда. Унинг амалдаги шартномаси 2026 йил июн охиригача мўлжалланган.
2024/25 йилги А Серияси мавсумида у 31 та учрашувда майдонга тушиб, 35 та гол ўтказиб юборди ва 11 та учрашувни дарвозасини дахлсиз сақлаган ҳолда якунлади. Чемпионлар Лигасида эса у атиги 10 та гол ўтказган. Айни пайтда «Милан» А Сериясида тўққизинчи ўринни эгаллаб турибди.