«Металлург» илк назорат ўйинида ғалаба қозонди
Ўз фаолиятини қайта тиклаб, машғулотларда иштирок этаётган «Металлург» футбол клуби илк назорат баҳсини «Локомотив» U21 жамоасига қарши ўтказди. «Локомотив» футбол академияси майдонида ўтган баҳсда дарвозаларга 7 та гол урилди.
Илҳом Мўминжонов шогирдлари, икки бор ҳисобда ортда қолаётганига қарамай, нафақат мувозанатни тиклашга муваффақ бўлишди, балки якунда ғалабани ҳам ўз томонларига оғдира билишди.
Тўғри, рақиб ёш «темирйўлчилар» эди, лекин маълум вақт бир жамоа бўлиб ўйнаган йигитларга қарши, қисқа фурсат давом этган тайёргарликдан кейин майдонга тушган буткул янги таркибдаги жамоа ишончли ҳаракат қила олди. Бу каби учрашувлардаги асосий мақсад ҳам аслида натижа эмас, балки умумий ўйин картинаси, футболчиларнинг ҳаракатлари ҳисобланади.
Биринчи ўтказиб юборилган голда ўзига нисбатан фол қайд этилмаганидан очиқчасига ҳайрон қолган Азимжон Аҳмедов бир неча дақиқа ўтар-ўтмас, пенальти белгиланганида дарҳол масъулиятли вазифани ўз бўйнига олди ва спортчиларга хос жаҳл билан тўпни рақиб дарвозаси тўрига йўллади.
Биринчи бўлимда нисбатан тажрибали футболчилар билан ўйинни бошлаган «Металлург» танаффусга 3:2 ҳисобидаги устунлик билан чиқиб кетди. Жамоанинг кейинги иккита голига Иброҳим Нўмонов муаллифлик қилди.
Иккинчи бўлимда тушган қатор ёш, иқтидорли футболчиларимиз эса устунликни сақлаб қола билишди.
Ўртоқлик учрашуви
«Металлург» - «Локомотив» У-21 4:3
Голлар: Азим Аҳмедов; Иброҳим Нўмонов (дубл); Навруз Иминжонов — Муҳаммад Абдурашидов (дубл); Муҳаммадшоҳ Аҳмедов