«Металлург» футболчилари Ўзбекистон U-23 терма жамоасига чақирилди
Ўзбекистон U-23 терма жамоаси март ойидаги FIFA кунларида Туркияда ўқув-машғулот йиғини ўтказишни режалаштирган.
Вакилларимиз йиғин доирасида Россия ва Албанияга қарши ўртоқлик учрашувларида майдонга тушиши белгиланган.
Бош мураббий Равшан Ҳайдаров мазкур учрашувларга жалб этилган футболчилар рўйхатини эълон қилди. Қувонарлиси, бир қатор Суперлига клублари билан бирга жамоамиз футболчилари ҳам термага таклиф қилинди.
Олимпия терма жамоасига таклиф қилинган футболчилар ва уларнинг клубларига эътибор қаратсак, 12 та клубдан 24 нафар футболчи март ойидаги йиғинга жалб қилинган. Вакиллари сони бўйича Қаршининг "Насаф" клуби етакчи бўлса (4), "Пахтакор", "Локомотив" ва "Олимпик Мобиуз" жамоасидан уч нафардан футболчи чақирилган. Қайта ташкил этилганига ҳали кўп бўлмаганига қарамай, "Металлург" ўзига хос бу рейтингда 5-поғонани эгаллаб турибди. Иқтидорли футболчилар Жавоҳир Убайдуллаев ҳамда Саидумархон Саиднуриллаев олимпия терма жамоаси сафида юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилишади, деб ишонамиз.
Қайси клубдан нечта футболчи чақирилган:
"Насаф" — 4
"Пахтакор" — 3
"Локомотив" — 3
"Олимпик Мобиуз" — 3
"МЕТАЛЛУРГ" — 2
"Нефтчи" — 2
"Сўғдиёна" — 2
"Бунёдкор" — 1
"Бухоро" — 1
"Динамо" Самарқанд — 1
"Қизилқум" — 1
"Антверп" Бельгия — 1