Мессининг хайрлашув учрашуви олдидан Бенин делегацияси шароитлардан норози бўлди
Аргентина терма жамоаси Лионел Мессининг миллий жамоадаги сўнгги учрашувини Бенинга қарши ўтказишга тайёрланмоқда. Бироқ баҳс олдидан меҳмон жамоа сафар ва яшаш шароитлари бўйича ташкилотчиларга эътироз билдирган. Бу ҳақда The Touchline нашри хабар бермоқда.
Манбага кўра, Бенин делегацияси Буэнос-Айресга иқтисод классдаги тижорий рейсларда қарийб 25 соат давомида етиб келган ва узоқ сафар вақтида жамоанинг видео-таҳлилчиси ўзини ёмон ҳис қилиб, ҳушидан кетган. Меҳмонлар жойлаштирилган меҳмонхонада бир қаватда иссиқ сув бўлмагани, спорт зали етарлича жиҳозланмагани ва сауна ишламагани ҳам эътирозларга сабаб бўлган.
Бенин томони шикоят билдирганидан кейин айрим ташкилий камчиликлар бартараф этилгани маълум қилинган. Mega Sports Media кейинчалик иссиқ сув билан боғлиқ муаммо ҳал этилгани ва жамоа учун зарур шароитлар яхшилангани ҳақида хабар берди. Шу билан бирга, Аргентинанинг аввалги рақиби Буркина-Фасо билан ўртоқлик учрашуви олдидан ҳам сафар шароитлари бўйича муаммолар юзага келгани қайд этилган.
Маълумот учун, 39 ёшли Лионел Месси Аргентина терма жамоаси сафида ҳозиргача 207 та учрашувда 125 та гол урган. У миллий жамоа билан 2022-йилги Жаҳон чемпионати, 2021 ва 2024-йиллардаги Америка Кубоги ҳамда 2022-йилги Finalissima ғолибига айланган. Бенинга қарши учрашув Мессининг Аргентина сафидаги 208-ва сўнгги ўйини бўлиши кутилмоқда.