Мессидан кейин Аргентина терма жамоасининг 10-рақами кимга насиб этиши мумкин?
Лионель Месси Аргентина терма жамоасидаги фаолиятини якунлагач, миллий жамоадаги рамзий 10-рақам кимга берилиши масаласи муҳокама қилинмоқда. Ҳозирча бу борада расмий қарор қабул қилинмаган, бироқ бир нечта футболчи Мессининг вориси сифатида тилга олинмоқда.
Асосий номзодлар қаторида Лаутаро Мартинес, Хулиан Алварес ва Энсо Фернандес бор. Лаутаро Аргентина билан 2022 йилги Жаҳон чемпионати, икки марта Америка Кубоги ва Финалиссимада ғолиб чиққан. Хулиан Алварес эса 2022 йилги мундиалда тўртта гол уриб, Мессидан кейин жамоанинг иккинчи энг яхши тўпурари бўлган.
Келажак учун эса Франко Мастантуоно ва Нико Пас алоҳида тилга олинмоқда. Мастантуоно 17 ёш 9 ой 22 кунлигида Аргентина терма жамоаси сафида расмий учрашувда майдонга тушган энг ёш футболчига айланган. Нико Пас эса миллий жамоада тобора кўпроқ имконият олаётган ва ҳужум чизиғидаги асосий ёш истеъдодлардан бири сифатида кўрилмоқда.
Маълумот учун, Месси Аргентина терма жамоаси сафида 10-рақамни узоқ йиллар давомида кийиб, миллий жамоа тарихининг энг муҳим футболчиларидан бирига айланди. Ҳозирча унинг рақами кимга берилиши расман аниқланмаган, бироқ терма жамоа сафида бу рақам учун тажрибали етакчилар билан бир қаторда янги авлод вакиллари ҳам даъволик қилмоқда.