Месси сафга қайтди: «Интер Майами» МЛСнинг янги мавсумини асосий юлдузи билан бошлайди
Флорида клуби МЛСнинг амалдаги ғолиби ҳисобланади.
ФОТО: Getty Images
«Интер Майами» ҳужумчиси Лионель Месси мушакларидаги жароҳатидан тўлиқ фориғ бўлди ва МЛСнинг 1-туридан ўрин олган «Лос-Анжелес»га қарши баҳсда майдонга тушишга тайёр. Бу ҳақда ESPN нашри хабар бермоқда.
Амалдаги жаҳон чемпионининг чап тизза ости пайларидаги муаммолар сабаб мавсумнинг очилиш ўйинида иштирок этиши сўроқ остида турган эди. Ҳатто Месси ўйнай олмаслиги маълум бўлгач, жамоа Пуэрто-Риконинг «Индепенденте» клубига қарши режалаштирилган ўртоқлик учрашувини бекор қилишга мажбур бўлганди.
Эслатиб ўтамиз, «Интер Майами» МЛСнинг амалдаги ғолиби ҳисобланади. Ўтган мавсум финалида Флорида штати вакиллари «Ванкувер Уайткапс» устидан 3:1 ҳисобида ғалаба қозониб, чемпионликни қўлга киритган эди.
Насрулло Каримов
Журналист