Месси Lego ёрдамида Жаҳон кубоги нусхасини яратди (фото)
«Интер Майами» ва Аргентина терма жамоаси ҳужумчиси Лионел Месси ўзининг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида Lego конструкторидан йиғилган Жаҳон кубоги нусхаси акс этган постни эълон қилди.
2026 йилги футбол бўйича жаҳон чемпионати учун махсус яратилган ушбу нусха 2842 та деталдан иборат бўлиб, 1:1 масштабда тайёрланган. Яъни, унинг ўлчами асл нусхаси билан бир хил — 36 сантиметрни ташкил қилади, бироқ уларнинг вазни турлича. Асл кубок олти килограммдан ортиқ вазнга эга.
Жаҳон кубоги нусхасининг юқори қисми очилганда, ичида яна бир сюрприз чиқади. У ерда қўлида митти трофейни тутиб турган жаҳон чемпионининг мини-фигураси жойлаштирилган.
2026 йилги жаҳон чемпионати келаси ёзда учта мамлакат: АҚШ, Канада ва Мексика ҳудудларида бўлиб ўтади. Аргентина терма жамоаси амалдаги жаҳон чемпиони ҳисобланади. 2022 йилги дунё биринчилиги финалида Аргентина миллий жамоаси Франция билан тўқнаш келган эди. Ўйиннинг асосий вақти 3:3 ҳисобида якунланган, бироқ пенальтилар сериясида аргентиналикларнинг қўли баланд келган (4:2).