Месси Испаниядаги очиқ машғулотда мухлисларга миннатдорчилик билдирди
Аргентина терма жамоаси сардори ва ҳужумчиси Лионель Месси Испаниядаги «Мануэл Мартинес Валеро» стадионида ўтказилган очиқ машғулотга ташриф буюрган мухлисларга ўз миннатдорчилигини изҳор этди.
Маълумотларга кўра, машғулотни 20 мингдан ортиқ томошабин кузатган.
«Охирги марта бу ерда бўлганимга анча вақт бўлди. Ростини айтсам, қаерга боришимдан қатъи назар, сизлар томонидан билдириладиган муҳаббат мени ҳар сафар ҳайратга солади. Келганингиз учун катта раҳмат, ораларингизда жуда кўп аргентиналик мухлислар бор эди! Сизни яна кўрганимдан жуда хурсандман», — деб ёзди Месси.
Эслатиб ўтамиз, мазкур машғулот Аргентина терма жамоасининг Анголага қарши 14 ноябрь куни бўлиб ўтадиган йиғин олди баҳсидан аввал ўтказилди.