Месси хайрлашув ўйини олдидан Аргентинага етиб келди
Лионель Месси Аргентина терма жамоасидаги сўнгги учрашуви олдидан ватанига етиб келди. The Touchline хабарига кўра, 39 ёшли футболчи оиласи билан бирга Росарио шаҳрига учиб келган.
Месси 6 октябрь куни Буэнос-Айресдаги “Монументал” стадионида Бенин терма жамоасига қарши хайрлашув учрашувини ўтказади. Аргентина футбол ассоциацияси маълумотига кўра, баҳс маҳаллий вақт билан соат 20:00 да бошланади ва бу Мессининг миллий жамоадаги сўнгги ўйини бўлади.
Аргентиналиклар ушбу учрашув учун махсус хайрлашув маросимини ҳам тайёрламоқда. Ўйиндан олдин мухлислар учун “Gracias, Leo” фан-фести ташкил этилади, баҳсдан кейин эса Месси фаолиятига бағишланган алоҳида тадбирлар ўтказилиши режалаштирилган.
Маълумот учун, Лионель Месси Аргентина терма жамоаси сафида 207 та учрашув ўтказиб, 125 та гол ва 68 та голли узатма қайд этган. У миллий жамоа билан 2022 йилги жаҳон чемпионати, 2021 ва 2024 йиллардаги Copa América ҳамда 2022 йилги Finalissima ғолибига айланган.