Месси «Барселона», «Ман Сити» ва «Интер Майами» иштирок этадиган ёшлар ўртасидаги турнирни ташкил этди
Аргентина миллий жамоаси ва АҚШнинг «Интер Майами» клуби ҳужумчиси Лионель Месси ўз номидаги ёшлар футбол турнирини ташкил этаётганини эълон қилди. Бу ҳақда футболчининг ўзи ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари орқали маълум қилди.
Қайд этилишича, мусобақа «Месси Кубоги» деб номланади ва у 9—14 декабрь кунлари Майамида ўтказилади. Турнирда U-16 ёш тоифасидаги машҳур клублар — «Ривер Плейт» ва «Ньюэллс Олд Бойз», «Интер Майами», «Барселона», «Атлетико», «Челси» ва «Ман Сити», шунингдек, «Интер» иштирок этиши тасдиқланган.
Эслатиб ўтамиз, Месси 2023 йилдан буён «Интер Майами» клуби шарафини ҳимоя қилиб келмоқда. Бунгача у «Барселона» ва «ПСЖ» клубларида тўп сурган. Каталонияликлар сафида Месси 10 марта Испания чемпиони бўлган, 4 марта Чемпионлар лигаси ва 3 бор КЖЧда ғолиб чиққан.
Шунингдек, Лео саккиз карра «Олтин тўп» соҳиби ҳисобланади. Аргентина миллий жамоаси билан эса Месси 2022 йилги жаҳон чемпиони, 2021 ва 2024 йилларда икки карра Америка Кубоги ғолиби бўлган.