Мексика Жанубий Кореяни мағлуб этиб, ўз тарихида тўртинчи бор гуруҳда биринчи ўринни эгаллади
Мексика миллий терма жамоаси ЖЧ-2026 гуруҳ босқичи 2-тури доирасида Жанубий Корея устидан 1:0 ҳисобида ғалаба қозонди. Шу тариқа, Мексика терма жамоаси ўз тарихида тўртинчи бор Жаҳон чемпионатлари гуруҳ босқичини биринчи ўринда якунлашни нақд қилди. Бу ҳақда OptaJose статистик саҳифаси X ижтимоий тармоғида хабар тарқатди.
Мексикаликлар муқаддам 1994 ва 2002-йилги Жаҳон чемпионатларида ҳам гуруҳдан биринчи ўрин билан плей-оффга йўл олиб, 1/8 финалда мусобақани тарк этишган эди. 1986-йилдаги мундиалда эса жамоа чорак финалгача етиб боришга муваффақ бўлган.
Гуруҳ босқичининг сўнгги, 3-турида Жанубий Корея терма жамоаси 25-июн куни ЖАР (Жанубий Африка Республикаси) билан куч синашса, Мексика шу куни Чехия термасига қарши майдонга тушади.
Маълумот учун, ЖЧ-2026 гуруҳ босқичи ўйинлари 11-июндан 27-июнгача давом этади. Унда жамоалар айланма тизимда (ҳар бири учтадан учрашув) ўзаро баҳс олиб боришади. Якунда ҳар бир гуруҳдан дастлабки икки ўринни эгаллаган терма жамоалар, шунингдек, учинчи ўринни банд этган энг яхши 8 та жамоа плей-офф йўлланмасига эга чиқади.