Мбаппенинг Зидандан кўнгли қолди
Франция терма жамоаси сардори Килиан Мбаппе Зинедин Зиданнинг миллий жамоадаги дастлабки тактик қарорларидан биридан норози бўлгани хабар қилинди. The Touchline маълумотига кўра, бунга янги бош мураббийнинг ҳужумчини марказда эмас, чап қанотда ўйнатгани сабаб бўлган.
Зидан Франция терма жамоасини қабул қилиб олганидан кейин Мбаппени айнан чап қанотда кўришини яширмаган эди. Мутахассиснинг режасига кўра, Усмон Дембеле марказий ҳужумчи, Мбаппе чап қанот, Майкл Олисе эса ўнг қанотда ҳаракат қилиши керак.
Янги схема Туркияга қарши Миллатлар лигаси учрашувида ҳам қўлланди. Мбаппе иккинчи бўлимда учрашувдаги ягона голни урди ва Францияга 1:0 ҳисобидаги ғалабани тақдим этди. Бироқ ҳужумчи гол урган вазиятда чап тиззасидан жароҳат олиб, кўп ўтмай майдонни тарк этди.
Маълумот учун, Зидан бошчилигидаги Франция терма жамоаси илк учрашувини ғалаба билан бошлади. «Уч ранглилар» Миллатлар лигасидаги навбатдаги баҳсини 28 сентябрь куни Бельгия терма жамоасига қарши ўтказади, Мбаппе эса жароҳати сабаб ушбу учрашувда қатнашмайди.