Мбаппенинг қачон сафга қайтиши маълум бўлди — манба
Мадриднинг «Реал» клуби раҳбарияти чап тиззасидан жароҳат олган ҳужумчи Килиан Мбаппенинг сафга қайтиш муддати бўйича ўз тахминларини маълум қилди.
Cadena Ser нашрининг хабарига кўра, «қироллик клуби» француз ҳужумчисининг 17 март куни «Манчестер Сити»га қарши кечадиган Европа Чемпионлар Лигаси 1/8 финал жавоб учрашувига қадар тўлиқ тикланишига умид қилмоқда.
Манбанинг таъкидлашича, Килиан Мбаппе «шахарликлар»га қарши дастлабки учрашувда (11 март) жамоасига ёрдам бера олмайди. Шунингдек, у Испания Ла Лигаси доирасидаги «Хетафе» (2 март) ҳамда «Сельта» (6 март) клубларига қарши кечадиган баҳсларни ҳам ўтказиб юбориши кутилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Килиан Мбаппе 2024 йилнинг ёзидан буён «Реал Мадрид» шарафини ҳимоя қилиб келмоқда. Бунгача у Франциянинг «ПСЖ» ва «Монако» клубларида тўп сурган. Жорий мавсумда ҳужумчи клуб миқёсида жами 33 та учрашувда майдонга тушиб, 38 та гол урди ва 6 та самарали узатмани амалга оширди.