Мбаппе Зиданнинг Франция терма жамоасига тайинланишини олдиндан билган
Франция терма жамоаси ва Мадриднинг «Реал» клуби ҳужумчиси Килиан Мбаппе Зинедин Зиданнинг миллий жамоа бош мураббийига айланишини бу ҳақда оммавий ахборот воситалари хабар тарқатишидан бир неча ой аввал билган. Бу ҳақда L’Équipe нашри маълум қилди.
Манбага кўра, Зидан ва Мбаппе ўртасида сўнгги бир неча йил давомида ишончли муносабатлар шаклланган. Шу боис янги бош мураббийнинг асосий вазифаларидан бири Франция терма жамоаси сардори Мбаппенинг ишончини янада мустаҳкамлаш бўлади.
Эслатиб ўтамиз, Зинедин Зидан 2021 йилдан бери мураббийлик фаолияти билан шуғулланмаган эди. У «Реал»ни икки марта — 2016–2018 ва 2019–2021 йилларда бошқариб, жамоа билан жами 11 та совринни қўлга киритган. Улар орасида кетма-кет уч марта Чемпионлар лигасидаги ғалаба ҳам бор.