Мбаппе ва «Реал»нинг бошқа жароҳат олган футболчилари ҳақида маълумот берилди
«Реал» ҳужумчиси Килиан Мбаппе ва ярим ҳимоячи Эдуарду Камавинга Ла Лига доирасида «Алавес»га қарши учрашув арафасидаги машғулотда иштирок этмади. Бу ҳақда The Athletic журнали мухбири Марио Кортехана хабар берди.
Маълумотларга кўра, Мбаппе тиззасида оғриқ сезмоқда, Камавинга эса катта эҳтимол билан бўлажак учрашувни ўтказиб юборади. Шунингдек, машғулотда яримҳимоячи Федерико Валверде ҳам қатнашмади — унда ўнг сон мушакларида зўриқиш қайд этилган. Ҳимоячи Антонио Рюдигер эса чап оёғидаги ноқулайлик сабабли тайёргарликдан четда қолди.
Валверде борасида клуб ичида оптимистик кайфият сақланиб қолмоқда ва унинг ўйинда майдонга тушиши эҳтимоли бор. Рюдигер масаласида эса вазият ҳозирча ноаниқ, бироқ футболчининг яқинлари у барибир учрашувда иштирок этишига умид қилмоқда.
Ҳимоячи Дин Ҳейсен жароҳатдан фориғ бўлиб, жамоа билан бирга машғулотларни бошлаган. Шу билан бирга, «Алавес»га қарши баҳсни аниқ ўтказиб юборадиган футболчилар ҳам бор. Жароҳатлар сабаб Дани Карвахал, Трент Александр-Арнольд, Эдер Милитао, Давид Алаба ва Ферлан Менди майдонга туша олмайди. Бундан ташқари, «Сельта»га қарши ўйинда (0:2) қизил карточка олган Фран Гарсия ва Альваро Каррерас дисквалификация туфайли учрашувда қатнашмайди.
Маълумот учун, «Алавес» — «Реал» учрашуви 14 декабрь куни бўлиб ўтади ва Тошкент вақти билан соат 23:00 да бошланади.