Мбаппе «Реал»нинг «Сельта»га қарши ўйинини ўтказиб юборади
Мадриднинг «Реал» клуби ҳужумчиси Килиан Мбаппе Испания Ла Лигасининг 27-тури доирасидаги «Сельта»га қарши ўйинни ўтказиб юборади. Франциялик форвард «қаймоқранглилар»нинг ушбу баҳс учун қайдномасига киритилмади.
«Реал» ва «Сельта» ўртасидаги учрашув бугун, 6 март куни Виго шаҳридаги «АбАнка Балаидос» стадионида бўлиб ўтади. Ўйин Тошкент вақти билан тунги соат 01:00 да бошланади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ «Реал»нинг франциялик ҳужумчиси чап тиззасидаги пайларининг чўзилиши туфайли жароҳат олган эди. Шу сабабли у Чемпионлар Лигаси 1/8 финали доирасидаги «Манчестер Сити»га қарши ўйинларни ҳам ўтказиб юбориши мумкин.
Жорий мавсумда Мбаппе «Реал» таркибида барча турнирларда 33 та ўйинда майдонга тушиб, 38 та гол урди ва 6 та голли узатмани амалга оширди.