Мбаппе «Реал»нинг камида тўртта ўйинини ўтказиб юборади
Мадриднинг «Реал» клуби ҳужумчиси Килиан Мбаппеда боғламлар чўзилиши аниқланди. Бу ҳақда L’Équipe нашри хабар бермоқда.
Манбага кўра, МРТ текшируви тизза олд томонидаги хочсимон боғламда жароҳат йўқлигини кўрсатган, бироқ ташқи боғламлар шикастлангани тасдиқланган. Ушбу жароҳат даволаниш ва дам олишни талаб қилади. Натижада Мбаппе бир неча ҳафта майдонга туша олмайди.
Агар L’Équipe ташхиси ўз тасдиғини топса, франциялик ҳужумчи камида қуйидаги учрашувларни ўтказиб юборади:
- — Ла Лигадаги «Бетис»га қарши ўйин (4 январ);
- — Испания Суперкубоги ярим финалидаги «Атлетико»га қарши баҳс (8 январ);
- — жамоа финалга чиққан тақдирда, 11 январдаги финал учрашуви;
- — чемпионат доирасида «Леванте»га қарши ўйин (17 январ);
- — Чемпионлар лигасида «Монако»га қарши баҳс (20 январ).
Эслатиб ўтамиз, Килиан Мбаппе «Реал» сафида 2024 йил ёзидан бери тўп сурмоқда. Шу вақтга қадар у «Қироллик клуби» таркибида 83 та учрашувда майдонга тушиб, 73 та гол ва 10 та голли узатма муаллифига айланган. Футболчининг клуб билан тузган шартномаси 2029 йил июнига қадар амал қилади.