Мбаппе «Реал»га келганидан бери олтита «Эл Класико»нинг бештасида мағлубиятга учради
Мадриднинг «Реал» клуби ҳужумчиси Килиан Мбаппе жамоага келганидан бери «Барселона»га қарши ўтказилган олтита ўйиннинг бештасида мағлубият аламини татиган. Навбатдаги муваффақиятсизлик Испания Суперкубоги финалида рўй берди — каталонияликлар «қироллик клуби»ни 3:2 ҳисобида мағлуб этди.
Учрашув Саудия Арабистонининг Жидда шаҳридаги «Кинг Абдулла Спортс Сити» стадионида бўлиб ўтди. Беллашувни бош ҳакам Хосе Мунуэра Монтеро бошқарди.
Мбаппе финал баҳсини захирада бошлади ва 76-дақиқада испаниялик Гонсало Гарсия ўрнига майдонга тушди. Аввалроқ франциялик ҳужумчи жароҳати сабабли мусобақанинг яримфиналини ўтказиб юборганди.
Эслатиб ўтамиз, Килиан Мбаппе «Реал» сафига 2024 йил ёзида Франциянинг «ПСЖ» клубидан келиб қўшилган. Жорий мавсумда у 24 та учрашувда 29 та гол уриб, 5 та голли узатма амалга оширган.