Мбаппе АПЛга йўл олиши мумкин
Франция терма жамоаси ва Мадриднинг «Реал» клуби ҳужумчиси Килиан Мбаппе Англия Премьер-лигасига кўчиб ўтиши мумкин. Унинг хизматларига «Ливерпуль» қизиқиш билдирмоқда.
Teamtalk нашри инсайдер Франсуа Гальярдога таяниб хабар беришича, мерсисайдликлар аллақачон футболчининг онаси Файза Ламари билан алоқа ўрнатган.
Қайд этилишича, Мбаппе «Реал» кийиниш хонасида етарлича меҳр ва қўллаб-қувватлашни ҳис қилмаяпти. Бу ҳолат француз футболчисига жиддий ноқулайлик туғдирмоқда.
Бундан ташқари, Мбаппе Мадрид клубидаги икки мавсуми давомида ҳали жиддий совринни қўлга кирита олмаган.
Аввалроқ «Ливерпуль» келаси ёзда француз ҳужумчисини 250 миллион евро эвазига сотиб олиши мумкинлиги ҳақида хабарлар тарқалган эди.
Мбаппе 2024 йил ёзидан буён «Реал» шарафини ҳимоя қилиб келмоқда.