Маямидаги икки ўйин кутилмаган натижа билан якунланди
26 мартдан 27 мартга ўтар кечаси ATP Masters 1000 мусобақаси доирасида эркаклар ўртасида иккита учрашув бўлиб ўтди. Турнирнинг 1/16 финал босқичидаги биринчи ўйинда жаҳон рейтингида 2-ўринни эгаллаган германиялик Александр Зверев ҳамда 18-поғонада турган франциялик Артур Филс кортга тушдилар. Учрашув икки соат давом этди ва 3:6, 6:3, 6:4 ҳисобида француз теннисчисининг ғалабаси билан якунланди. Энди Артур Филс 27 март куни соат 22:00да Якуб Менсик билан 1/8 финал босқичида беллашади.
1/8 финалда жаҳон рейтингида 24-ўринни эгаллаган аргентиналик Франсиско Серундоло билан жаҳоннинг 15-рақамли теннис устаси болгариялик Григор Димитров ўртасидаги беллашув бўлиб ўтди. Ўйин учта сетда иккита брейк билан якунланиб, болгариялик ғалаба қозонди. Учрашув икки соат-у қирқ саккиз дақиқа давом этди.
Якуний ҳисоб: 7:6 (6) 4:6 7:6 (3).
Энди Григор Димитров Тошкент вақти билан 27 дан 28 га ўтар кечаси соат 1:10 да бўлиб ўтадиган Себастян Корда ва Новак Жокович ўртасидаги ўйин ғолиби билан учрашади.