Маурисио Сарри «Аталанта» бош мураббийига айланиши мумкин
Италиянинг «Аталанта» клуби раҳбарияти жамоанинг ҳозирги бош мураббийи Раффаеле Палладино ишдан бўшатилган тақдирда, унинг ўрнига асосий номзод сифатида Маурисио Саррини кўрмоқда. Бу ҳақда инсайдер Николо Скира хабар берди.
Маълумотларга кўра, 67 ёшли Саррининг «Лацио» раҳбарияти билан муносабатлари кескинлашган ва у мавсум якунида Рим клубини тарк этиши кутилмоқда. Маурисио Сарри 2025 йилнинг ёзида «Лацио» бошқарувига келган эди. Ўтган давр мобайнида жамоа унинг қўл остида 41 та ўйин ўтказиб, 16 ғалаба, 13 дуранг ва 12 мағлубият қайд этди.
Римликлар раҳбарияти мураббийнинг ишидан норози, бунга асосий сабаб сифатида жамоанинг келаси мавсум учун еврокубокларга йўлланма берувчи ўринлардан қуруқ қолгани кўрсатилмоқда. Саррининг амалдаги шартномаси 2027 йил ёзигача белгиланган бўлса-да, унинг муддатидан олдин истеъфога чиқиш эҳтимоли жуда юқори.